Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги электрон ҳуқуқий меҳнат инспектори ёрдамида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши бўйича дастлабки текшириш (ўз ўзини текшириш) ўтказиш имкониятини таклиф этади.

Бу хизмат Сизнинг расмийлаштирган ҳужжатларингизга ҳақиқий давлат меҳнат инспектори кўзи билан қараш ва баҳолаш имконини беради.

Ушбу тизим қандай ишлайди?

Электрон меҳнат инспектори у ёки бу савол бўйича Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексида белгиланган қоидаларига асосланган ҳолда аниқ автоматлаштирилган алгоритм бўйича электрон текширишни амалга оширади.

“Электрон инспектор” интерактив хизмати ёрдамида корхонадаги мавжуд жамоа муносабатлари меҳнат қонунчилиги талаблари бўйича баҳоланади ва унга мувофиқлаштирилади.

Натижа

  • Текшириш ўтказилган мавзу бўйича меҳнат муносабатларида камчиликлар мавжуд эмаслиги ёки мавжудлиги тўғрисида “Электрон инспектор” интерактив хизматидан хулоса (текшириш далолатномаси) олинади.
  • Кўрсатилган хизмат, тақдим этилган ёрдамчи воситалар (йўриқнома, шаблон ва ҳужжатлар намуналари) ёрдамида аниқланган камчиликларни бартараф этиш имконияти яратилади.

Электрон инспектор сизга қандай ёрдам беради?

Агар Сиз ходим бўлсангиз ва иш берувчи Сизнинг ҳуқуқларингизни бузяпти деб ҳисобласангиз, лекин буни қандай тартибда текшириш бўйича махсус билимга эга бўлмасангиз, Электрон инспектор бу муаммони кўриб чиқиш ва ҳал қилишда Сизга ёрдам беради.

Агар Сизнинг корхонангизда назорат текшируви ўтказилиши белгиланган бўлса ва Сиз жарима ҳисобланишидан хавотирланаётган бўлсангиз, Электрон инспектор сизга мустақил равишда дастлабки текширувдан ўтиш, камчилик ва хатоликларни аниқлаш ва ҳақиқий инспектор текширишга келгунига қадар ушбу камчиликларни бартараф этишга ёрдам беради.

Бунинг учун Сизни қизиқтирган мавзуни танлашингиз ва Электрон инспектор томонидан бериладиган кетма-кет саволларга Сизда мавжуд ҳақиқий ҳужжатлар ва реал ҳолатдан келиб чиққан ҳолда жавобни танлашингиз зарур.

Текшириш якуни бўйича Электрон инспектор меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлан ҳолатлар ва уларни қандай бартараф этиш мумкинлиги усуллари кўрсатилган текшириш далолатномасини шакллантиради.

Камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, Сиз яна қайта текширишдан ўтишингиз мумкин.

Диққат !

Текширишни бошлашдан аввал, ҳақиқий давлат меҳнат инспектори келганда ҳар бир ходим бўйича меҳнат қонунчилигига риоя қилинганлигини текшириши, ходимлар сони кўп бўлганда эса фақатгина танлов асосида баъзиларини текшириши мумкинлигига эътибор беринг.

У ёки бу текшириш варағини танлашдан олдин, корхонанинг ўзи умумий олганда эмас, балки ҳар бир ходимнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя қилинишини текшириш зарурлигини ёдингизда тутинг.

Муҳим!

Текширишни бошлашдан аввал, қайси ходимга нисбатан текшириш ўтказилишини аниқ белгилаб олинг.

Текшириш якунланганидан сўнг, Электрон инспектор Сиз учун чоп этиб, кадрлар хизмати мутахассисига ёки раҳбарингизга тақдим этишингиз мумкин бўлган текшириш далолатномасини шакллантириб беради.